Колумбиянинг Меделин шаҳрида италиялик Густаво Ночелла (Гермес) қўлга олинди. Полиция уни Италия мафиясининг яна бир “чўқинтирган отаси“ ва дунёдаги энг кўп қидирувда бўлган наркобаронлардан бири деб атайди. Бу ҳақда Semana хабар берди.
58 ёшли Гермесни билярд ўйинига бўлган иштиёқи туфайли қўлга олишга муваффақ бўлишди. Колумбия полицияси италиялик ҳамкасблари, Европол ва Британия билан ҳамкорликда наркобаронни ҳибсга олиш операциясини ўтказди.
Колумбия полиция бошлиғи Уилям Рене Саламанка жиноятчини билярд столи фош этгани ҳақида маълум қилди. Жумладан, Гермес ҳар уч ойда квартирасини алмаштирган, аммо ҳар бир янги уйига билярд столи буюртма қилган.
Таъкидланишича, Гермес “Риналди-Формикола, Амато-Пагано ва Де Микко кланлари ҳамда Жанубий Америка мафияси ўртасидаги боғловчи бўғин“ ҳисобланади. У гиёҳванд моддаларнинг йирик партиялари савдоси билан шуғуллангани айтилмоқда. Операцияга тайёргарлик ярим йил давомида олиб борилди.
Изоҳ (0)