Нигерия шимолидаги Жигава штатида бензовоз портлаб, 147 киши ҳалок бўлди, 70 киши жароҳатланади. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб, CNN хабар берди.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти авария оқибатида тўкилган ёнилғини йиғишга уринган. CNN суҳбатдошига кўра, ҳодиса 15 октябрда Мажия шаҳрида содир бўлган. Ўшанда қурбонлар сони 94 киши эди. Ёнилғи цистернаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб қўйган, автоцистерна ағдарилиб кетган, ёнилғи эса дренаж ариғига тўкилган. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли портлаш содир бўлган пайтда ёнилғи олишга шошилган.
“Одамлар ҳалокат жойи атрофида тўпланди ва бу оммавий қурбонларга сабаб бўлди”, деди Жигава полицияси вакили Ван Гуард.
Полициянинг огоҳлантиришига қарамай аҳоли тўпланишда давом этган. Нигерияда ёнилғи танкерлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлади. Сентябрь ойида Нигер штатида автоцистерна йўловчилар ва чорва молларини олиб кетаётган юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 59 киши ҳалок бўлганди. Федерал Йўл хавфсизлик комиссияси ҳисоб-китобларига кўра, Нигерияда ҳар йили йўл ҳаракати қурбонлари 40 мингга яқинлашмоқда.
AFP маълумотларига кўра, мамлакат президенти Бола Тинубу 2023 йилда субсидияларни бекор қилганидан сўнг, Нигерияда бензин нархи беш баравар кўтарилиб, ёнилғи тақчиллигига олиб келган. Оқибатда авариялардан кейин аҳоли цистерналардан тўкилган ёнилғини олишга мажбур бўлмоқда.
Изоҳ (0)