Хитой ҳукумати мамлакат спортчиларининг Олимпия ўйинларидаги натижаларига таъсир этувчи хатти-ҳаракатлар содир этаётган мухлисларга қарши чоралар кўрилишини эълон қилган. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Пекин расмийлари хитойлик спортчиларнинг Париж Олимпиадасидаги натижаларига таъсир кўрсатаётган “тажовузкор мухлислар”га нисбатан кескин чоралар кўради. Спортчиларнинг ўйинлардаги чиқишларига халақит берган ёки уларнинг натижалари сохта эканлигини даъво қилган мухлислар Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда жаримага тортилади.
Охирги кунларда кўплаб оммавий ахборот воситаларида мухлисларнинг баҳслар пайтида ёқимсиз овоз чиқариши ёки ҳакамлар қарорини адолатсизлик дея баҳолаши каби ҳолатларни ифода этувчи видеолар тарқалган. Хитойлик спортчилар бундай номақбул хатти-ҳаракатлар юзасидан ўз раҳбариятига хабар берган.
“Ёмон мухлис” маданияти 3 август кунги стол тенниси баҳсларида чўққисига чиққан. Хитойлик спортчи Чен Мен жамоадоши Сун Йингшани мағлуб этиб, стол тенниси бўйича аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида олтин медални қўлга киритган.
Хитой ижтимоий тармоқларида енгилган Сун Йингшани қўллаётган мухлислар видеолари кенг тарқалган. Мухлислар у кучли чарчоқ ва кетма-кет кучли рақиблар билан даврага чиқиши оқибатида чарчаганини, аслида, ғолиб у бўлиши кераклигини айтган.
Хитой ижтимоий медиа платформалари стол теннисида юз берган воқеа ҳақида салбий фикрларни тарқатиш ва низоларни қўзғатишда тахмин қилинган ўн минглаб постларни ўчириб ташлаган, 800 дан ортиқ аккаунтлар блокланган. Спортчилар ҳақида иғво тарқатган мухлисларнинг тармоқдаги аккаунтларига чеклов киритилган.
Хитой расмийлари Олимпия баҳсларига мухлислик қилаётган шахслардан одоб қоидаларига риоя қилишни сўраган. Мухлислар хатти-ҳаракати спортчиларнинг кўп йиллик ҳаракатлари ва иштиёқига таъсир қилмаслиги кераклиги айтилган.
Изоҳ (0)