Буюк Британияда 4 июль куни навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Консерватив партия 14 йиллик ҳокимиятда биринчи марта парламентда етарли кўпчилик ўринларини қўлга кирита олмади. Бу ҳақда экзит-полл (овоз бериб, сайлов участкасидан чиқиб кетаётган фуқаролардан ижтимоий хизмат ходимлари томонидан олинадиган сўров)га таяниб, BBC хабар берди.
Мухолифатдаги Лейбористлар партияси 410 ўринга эга бўлиши кутилмоқда, бу уларга 170 ўриндан кўпроғини тақдим этади. Шу билан бирга, ҳозир ҳокимиятда бўлган Консерватив партия 131 ўринни қўлга киритади. Либералдемократик партия эса учинчи ўринни эгаллаб, 61 мандатга эга бўлади. Бу партиянинг ҳозирги Жамият палатасидаги ўринлар сонидан олти баравар кўпдир.
Нажела Фараж бошчилигидаги Reform UK евроскептик партияси 13 мандатга эга бўлиши мумкин. Ўз навбатида, Шотландия миллий партияси 10 мандатга эга бўлади, “Яшиллар” эса Жамият палатасида икки ўринга даъво қилиши мумкин. Яна 19 мандат кичик сиёсий кучлар ва мустақил сиёсатчилар томонидан қўлга киритилди.
Эхит-полл маълумотлари шубҳа учун ўрин қолдирмаяпти — Риши Сунак бош вазир лавозимини йўқотади. Лейбористлар Жамият палатасида кўпчиликни қўлга киритади ва Буюк Британия бош вазири лавозимини, эҳтимол, Кир Стармер эгаллайди.
Нега Риши Сунак муддатдан олдин сайлов ўтказишга қарор қилди?
Ла-Манш бўйидаги қўшнилари сингари, Британияда ҳам сайловлар муддатидан олдин ўтказилди. Францияда бунга президент Эммануэль Макроннинг партияси Европарламентга бўлган сайловларда мағлубиятга учраши сабаб бўлди. Албионда ўткир иқтисодий муаммолар бор, буни бош вазир Риши Сунак тан олган.
Аслида, Сунак сайловларни 2025 йил 28 январгача ўтказиши керак эди. Баъзи экспертлар 2024 йилнинг баҳорида, бошқалари кузда сайловлар ўтказилишини прогноз қилганди. Парламентда кўпчиликни қўлга киритиш учун партия камида 326 ўринни олиши керак. Бу чизиқни кесиб ўтган партия раҳбари бош вазир бўлади ва ҳукуматни тузади.
Агар ҳеч бир партия кўпчилик овозга эга бўлмаса, амалдаги бош вазир ҳокимиятда қолади ва ҳукуматни шакллантириш учун биринчи имкониятга эга бўлади — коалиция тузиш ёки озчилик билан бошқариш.
Британия фуқаролари, шунингдек, Ирландия ва 18 ёшга тўлган айрим Ҳамдўстлик мамлакатлари фуқаролари овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу сайловда 49 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган (шундан уч миллиони чет элда яшовчи британияликлар). Маҳбуслар овоз бермайди.
Изоҳ (0)