Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 37 килограммдан зиёд гиёҳванд модда сақлаб келган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 29 июнь куни Фарғона вилояти ИИБ ҳамда Марғилон шаҳар ИИБ тезкор ходимлари томонидан “Қорадори-2024” тадбири ўтказилган. Тадбирда “Туягум” МФЙда яшовчи 53 ёшли А.К.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида у хонадонидаги экин майдонида 13 туп марихуана гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланган.
Шунингдек, А.К. 10 дона уч литрли идишда 12 килограмм 537 грамм кўкнори бошоқларини, 2 дона уч литрли идишда 2 килограмм 570 грамм марихуана моддасини, оқ полиэтилен пакетда эса 41 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини ҳамда оқ полиэтилен қопда 22 килограмм 550 грамм кўкнори сомонини сақлаб келаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Жами олинган гиёҳванд моддалар миқдори 37 килограммдан зиёдни ташкил қилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада 17 ёшли бола яшаётган уйдан 30 килодан ортиқ наркотик моддалар топилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда фуқаронинг уйидан салкам 32 кило марихуана топилган, Қирғизистонда Ўзбекистонга гиёҳванд моддалар ташиш билан шуғулланган шахс қўлга олинган эди.
Изоҳ (0)