Россиянинг “Стройпроект” компанияси Тошкентда 10 миллион долларга бизнес марказ қуради, деб хабар бермоқда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 2021 йил 5—10 октябрь кунлари Санкт-Петербург шаҳри губернатори раҳбарлигидаги Россия ишбилармон доира вакилларининг мамлакатга ташрифи давомида ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрида замонавий ишбилармонлик марказини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш таклифи билдирилган.
Ишбилармонлик марказини барпо этишда ер участкасидаги ва атрофдаги мавжуд дарахтларга зиён етказилмайди ҳамда Экология вазирлиги билан биргаликда барча дарахтлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг ҳар бири рақамланади.
Ишбилармонлик маркази муқобил ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни назарда тутувчи янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологиялар асосида фаолият юритади.
Ишбилармонлик маркази давлат-хусусий шериклик шартлари асосида инвестор маблағлари ҳисобидан барпо этилади. Бунда:
- ишбилармонлик марказида беғараз асосда Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC) жойлаштирилади;
- 10 миллион доллардан кам бўлмаган миқдорда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилади;
- камида 150 та янги иш ўрни яратилади.
Ишбилармонлик маркази биноси замонавий шаҳарсозлик ечимлардан фойдаланган ҳолда қўшимча 2 қаватли ерости автотураргоҳи билан барпо этилади.
Февраль охирларида Янги Тошкент лойиҳасида 420 гектар майдонда “Марказий боғ” барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)