Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Қирғизистон ва Тожикистондан олиб келинган жами 11,2 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ—Наманган йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Чортоқ туманида яшовчи, муқаддам судланган 38 ёшли шахснинг ёнида 2 килограмм 47 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам келгусида сотиш мақсадида сақланаётган 4 килограмм 942 грамм гашиш моддаси топилган.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик моддалар муқаддам қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан Чортоқ туманига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилганлиги маълум бўлган.
Давлатобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Янгиқўрғон туманида яшовчи, муқаддам судланган 28 ёшли шахс ўзининг бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомашинада 1 килограмм 842 грамм гашиш моддасини Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 40 ёшли фуқарога 14 минг долларга сотишга келишиб, келишилган пулдан 10 минг долларни олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситасини қирғизистонлик наркокурьер муқаддам Янгиқўрғон туманидаги хуфия жойга қолдириб кетгани маълум бўлган.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1988, 1995, 1998 йилларда туғилган уч нафар фуқаро Тожикистондан олиб келинган 936 грамм опий моддасини харидорга бериб, ундан келишилган пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган – 32 ёшли ургутлик шахс ҳам қўлга олинган.
Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қувасой шаҳрида яшовчи 38 ёшли шахс муқаддам тожикистонлик жиноий шериги томонидан Қувасой шаҳридаги хуфия жойга қолдириб кетилган 950 грамм гашиш моддасини олиб, уни 37 ёшли ҳамшаҳарига пулини кейинчалик бериш шарти билан 6 минг долларга сотган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик савдосига Қувасой шаҳрида яшовчи 22 ёшли фуқаро ҳам алоқадор эканлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.
Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳрида яшовчи 61 ёшли фуқаро Тожикистондан олиб келинган 492 грамм гашиш моддасини 75 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ (0)