Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темирйўл рейслари йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган президент раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда Наманган вилояти майдонининг 20 фоизи тоғлардан иборатлиги тоғ туризмини ривожлантириш учун катта имконият экани, бундай лойиҳаларни Поп, Чуст, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқда амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз тажрибаси асосида бу туманларда тоғ туризмини ривожлантириш мастер-режасини ишлаб чиқиш ва йил якунигача лойиҳаларни бошлаш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кескин ўсиши учун транспорт соҳасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмаганини кўрсатиб ўтди.
Транспорт вазирлигига байрам кунлари авиа ва темирйўл рейслари сонини 2 баробар ошириш, Наманган ёки Фарғонага учиш графигини қайта кўриб чиқиб, водийга ҳар куни бўладиган авиарейсларни кўпайтириш топширилди.
Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темирйўл рейслари, Наманган—Поп—Чодак йўналишида ҳар куни экспресс йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади.
Изоҳ (0)