Автоҳалокат туфайли II гуруҳ ногирони бўлиб қолган шифокор Луиза Дадабаевага уй берилди. Аёл бу ҳақда “Дарё” мухбирига сўзлаб берди.
Шифокор Луиза Дадабаева 2005 йилдан бошлаб Республика Перинатал марказининг янги туғилган чақалоқлар реанимация бўлимида фаолият олиб борган.
2016 йилда мени Тошкент вилоятидаги Бекобод шаҳри ва Бўка туманига чақирув бўйича хизмат сафарига юборишди. Афсуски автоҳалокатга учрадик. Йўл тирбанд бўлгани учун тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси йўл қидириб ўртадаги бетон тўсиққа бориб урилди. Шунда мен ойнадан учиб чиқиб, пастга йиқилдим, кейин нима бўлгани эсимда йўқ, — деди Луиза Дадабаева.
Жароҳати туфайли Луиза Дадабаева иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолади ва ишдан кетишга мажбур бўлади. 60 ёшли шифокор уй-жой олиш учун ёрдам сўраб кўплаб давлат идораларига мурожаат қилади.
Оила қурмаганман, ёлғиз хонадонда яшардим. Воқеадан ярим йил ўтиб, уйсиз ва ишсиз қолдим. Уй сўраб ҳокимиятга борган пайтимда “Оилангиз йўқ экан, ёлғизсиз, сизга ҳеч ким кафолат бермайди, шу учун ссуда ажратолмаймиз”, деб айтишди, — дейди у.
Ҳеч қаердан натижа бўлмагандан сўнг, Луиза Дадабоева Сенатга ёрдам сўраб боради. Шундан сўнг унга 1 хонали хонадон ажратилди.
Собиқ шифокор билан суҳбатдан аён бўлдики, унга ҳокимлик вакиллари уй ажратишда бюрократик тўсиқларни рўкач қилган, лекин юқори палатанинг аралашуви билан масала ҳал этилган. Қизиқ жиҳати, нега фуқаро ўзи арз қилиб борса иши сансалор бўлади-ю, тепадан кимдир айтса ҳал бўлади?
Изоҳ (0)