Президент раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида инвестициялар ва экспортни кўпайтириш юзасидан видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқлигини айтди.
“Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олиш зарур. Инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқ. Қанчалик кўп маҳсулот ишлаб чиқармайлик, экспорт учун керакли шарт-шароитни яратмасак, ўзгариш бўлмайди. Шунинг учун қандай ташаббус бўлса, барчасини эшитишга тайёрман”, — деди президент.
Давлат раҳбари соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини эшитди.
Мулоқотда экспортни анъанавий бозорлардан юқори нархда маҳсулот сотиб олувчи давлатларга йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Давлат раҳбари бу фикрни қўллаб-қувватлаб, бундай бозорлар билан ишлашни кучайтириш муҳимлигини қайд этди. Жумладан, Японияда савдо уйини аккредитация қилиш ва ижара тўловининг компенсация масаласини ҳал қилиш топширилди. Германия, Венгрия, Польша, Испания, АҚШ ва Қозоғистондаги савдо уйлари ҳам тадбиркорлар бошқарувига берилади.
Бундан ташқари, экспорт учун янги истиқболли бозорлар бўлган Мерсин (Туркия), Роттердам (Нидерланд), Синдао (Хитой), Клайпеда (Литва), Доҳа (Қатар) каби йирик порт шаҳарларда савдо уйларини очиш зарурлиги қайд этилди.
Изоҳ (0)