Қашқадарёда МИБ ходими 2 йилдан бери қидирувда бўлган қарздор эркакни беркинаётган жойида топиб олди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Айтилишича, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг 2020 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Б.Бухаровдан ундирувчи Д.Бойманова фойдасига вояга етмаган 2 нафар фарзанди учун алимент ундириш белгилаган.
Бюронинг Яккабоғ туман бўлими томонидан қарздор алимент пулларини ўз вақтида тўлашлиги тўғрисида огоҳлантирилган бўлса-да, тўламасдан келган. Давлат ижрочиси қарздорнинг яшаш уйига бир неча маротаба борган, уни топиш имкони бўлмагани сабабли унга нисбатан 2024 йилда қидирув эълон қилинган.
Бошқарма қидирув шўбаси ходимлари 13 март куни қарздорнинг ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилига борди. Қарздорнинг яшаш хонадонидаги барча жойлар кўздан кечирилган. Тадбир жараёнида ходимлардан бири уйнинг болохонаси ва томини текшираётган пайтда, иккинчи ходим йиқитилган кўрпалар тагидан фуқарони олиб чиқди.
Шу куннинг ўзида қарздор мавжуд 28 миллион 971 минг сўм алимент қарздорлигини тўламагани сабабли Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди томонидан Б.Бухаровга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)