Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи Қорақамиш коллекторидаги сув оқ рангда оқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шаҳар Экология бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Прокуратураси ҳамкорлигида олиб борилган ўрганиш натижалари бўйича мазкур қонунбузилиш ҳолатини содир этган фуқаронинг шахсига аниқлик киритилди. У қурилиш материали ҳисобланган (суюқ шпаклевка)ни қонунга хилоф тарзда коллекторга ўзбошимчалик билан оқизгани аниқланди.
Шунинг учун давлат инспектори томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг ўн баробари (3 400 000 сўм) миқдорида жарима белгиланди.
Шунингдек, ифлослантирилган Қорақамиш коллекторидан экологик лаборатория учун таҳлил намуналар олинган, бугунги кунда мутахассислар томонидан текширувлар ўтказилмоқда. Текширув ишларининг якуний натижалари бўйича табиатга етказилган зарар ҳисобланиб, қоплама тўловлари ундирилади.
Изоҳ (0)