Самарқанддаги “Ипак йўли“ халқаро туризм ва маданий мерос университети қошидаги Арт-резиденсияда “Кўчиб юрувчи ноёб ҳайвонот олами” номли расмлар кўргазмаси очилди. Бу ҳақда Эковазирлик матбуот хизмати хабар берди.
![](/static/2024/02/14/1-fBuBPYs0.jpg)
Маълум қилинишича, кўргазма Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишига (CMS COP14) бағишланган. Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, ёш ва иқтидорли рассомлар бир ой давомида турли ҳайвонлар, қушларни маҳорат билан акс эттирган.
“Суратдаги ҳар бир жонзот атроф-муҳитни асрашда, биохилма-хилликни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Мақсадимиз келажак авлодда табиатга, ҳайвонларга меҳр-муҳаббат ҳиссини уйғотиш, уларда табиатга дахлдорлик ҳиссини шакллантиришдир”, — деган вазир.
![](/static/2024/02/14/4-0arp5ekF.jpg)
Кўргазмада 2024 йил январь ойида Экология вазирлиги, Бадиий академия ва Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳамкорлигида ташкил этилган пленер давомида чизилган 40 нафар ёш рассомнинг 100 га яқин расмлари намойиш қилинди.
![](/static/2024/02/14/5-WFi2bejj.jpg)
![](/static/2024/02/14/6-oMftLkr8.jpg)
Ижодий пленердан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб кўчманчи жониворларга меҳр-муҳаббат туйғусини кучайтириш, мамлакатнинг ноёб табиий меросини намойиш этиш, ёш авлоднинг экологик маданияти ва онгини юксалтириш.
![](/static/2024/02/14/7-3laJbebW.jpg)
Кўргазма 29 февралгача маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун очиқ бўлади.
Изоҳ (0)