“Кальмар ўйини” фильмидаги роли учун “Олтин глобус” мукофоти совриндори бўлган О Ён Су Жанубий Кореянинг Сувон шаҳри прокуратураси томонидан бир аёлга тегажоғлик қилганликда айбланмоқда.
Аниқланишича, 79 ёшли актёр 2022 йилнинг ноябрида тегажоғлик қилганликда айбланган. Аёлнинг сўзларига кўра, О Ён Су уни қучоқлаб, юзидан ўпган, буларнинг барчаси унинг хоҳишига қарши содир бўлган. Жабрланувчининг айтишича, мазкур ҳолат 2017 йилнинг август — сентябрь ойларида бўлиб ўтган. Бу вақтда О Ён Су икки ойлик сафарда эди.
Актёр бундай айблов ҳақиқатдан йироқ эканлигини таъкидлади ва аёлнинг қўлини фақат йўл кўрсатиш учун ушлаганини оммага тушунтирди.
“Бундай ёшга етганда уятли иш учун қамоққа ҳукм қилинганимдан ўзимни жуда ноқулай ҳис қиламан. Худди бутун ҳаётим барбод бўлаётгандек гўё”, — дейди О Ён Су.
Жанубий Корея прокуратураси актёрнинг болалар ва ўсмирлар муассасаларида ишлашини тақиқлаш зарур, деб ҳисоблайди. Суд ҳукми 15 март куни ўқилади.
Изоҳ (0)