Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигида ишонч ёрлиқларининг нусхасини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё”.
Унга кўра, Ташқи сиёсат маҳкамасида бўлиб ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон-Ҳиндистон яқин ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб, барча соҳаларни қамраб олаётгани, бунга давлат етакчилари ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстлик муносабатлари мустаҳкам асос бўлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари ҳақида тақдим этилган маълумот катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Протокол хизмати бошлиғи Аншуман Гаур Ҳиндистон ҳукумати томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорликни фаол ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, келгусида икки давлат шериклик муносабатлари янада юқори даражага кўтарилишига ишонч билдирди.
Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги янги тайинланган элчисига ўзаро муносабатларни изчил ривожлантириш йўлидаги масъулиятли фаолиятига муваффақиятлар тиланган.