Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида амалда бажарилмаган ишлар учун 670 миллион сўмни ўзлаштирган шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида “А.И.Э.” ДУК масъул шахслари ЯТТ “У.А.” тузилган шартномага асосан экскаватор хизматлари ижараси учун кўрсатилган ишлар бажарилмаган бўлса-да, ЯТТ “У.А.” томонидан 670 миллион сўмлик ишлар (хизматлар) бажарилгани ҳақида электрон ҳисоб-фактурага сохта маълумотлар киритилиб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳар Миробод туманида мажбурий бадал ва ижара учун ундирилган маблағни ўзлаштирган ширкат аниқлангани, Навоийда 800 млн, Сурхондарёда эса 741 млн сўм кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари маълум бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)