Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида айрим элчи ва савдо маслаҳатчилари янги бозорларни топиш, уларга маҳсулотларни олиб кириш ҳақида умуман бош қотирмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган йили 13 та давлатга экспорт камайган. Охирги икки йилда айрим мамлакатлар томонидан жами 18 та тариф ва нотариф тўсиқлар жорий қилинди. Шунингдек, баъзи давлатлар тайёр трикотаж, мато, кабел, ипак учун юқори бож ставкаларини қўллаяпти.
“Аслида маҳсулотларимизга ҳамкор топиш, экспорт тўсиқларини юмшатиш элчилар ва маслаҳатчиларнинг савдо йўналишидаги энг асосий вазифаси эмасми!”, — деди президент.
Шу муносабат билан барча элчи ва савдо маслаҳатчилари учун алоҳида самарадорлик кўрсаткичлари белгиланиши, ишини эплай олмаган ва KPIни бажармаганлари интизомий жазога тортилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукумат олдидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)