Дакка суди 83 ёшли тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнусни меҳнат қонунчилигини бузганликда айблаб, олти ойга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди Dhaka Тribune.
Суд қароридан сўнг у гаров эвазига қўйиб юборилган. Суд маҳкумга Бангладеш Олий судига шикоят қилиш учун бир ой вақт берди.
![](/static/2024/01/01/lauret8-n-4SsTq-.jpg)
Муҳаммад Юнусга қамоқ муддатидан ташқари бир модда бўйича 5 минг така (45 доллар) ва бошқа модда бўйича 25 минг така (227 доллар) миқдорида жарима белгиланди. Ҳаммаси бўлиб, у 100 дан ортиқ айбловларга дуч келди. Жумладан, унга қарашли корхоналардаги 101 нафар ходимнинг иш жойини сақлаб қолишдан бош тортгани, ижтимоий суғурта жамғармасининг йўқлиги, ходимларга 5 фоизлик дивидендлар тўланмагани каби айбловлар бор.
Муҳаммад Юнус 2006 йилда иқтисодиётни ривожлантириш, Grameen банки орқали Бангладеш қишлоқларидаги камбағалларга микрокредитлар тарқатиш борасидаги фаолияти туфайли Тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. Кўп ўтмай, мамлакат бош вазири Шайх Ҳасина Муҳаммад Юнусни камбағалларни молиявий қулга айлантиришда айблади (улар олинган кредитлар учун йилига 20% фоиз устама тўлашлари керак эди). 2022 йилда коррупцияга қарши кураш комиссияси лауреатнинг хайрия жамғармаларини текширишни бошлади.
Муҳаммад Юнус билан бирга меҳнат қонунчилигини бузганликда айбланган яна уч киши, жумладан Нобель мукофоти лауреати асос солган Grameen Telecom компанияси бош директори Ашрафул Ҳасан ҳам олти ой қамоқ ва жаримага тортилди.