Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 8 ёшли қизни ўпиб, уятсиз ҳаракатлар қилган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди. Эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Хабарга кўра, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида М.И. (1960 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, пенсионер, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси С.Абдуғаниев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ М.И. Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 50-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) 6-қисми талабидан келиб чиққан ҳолда 5 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг аппеляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.
Изоҳ (0)