Ернинг айланиш тезлиги аста-секин секинлашади ва тахминан 200 миллион йилдан кейин бир сутка 25 соатни ташкил қилади. Бу ҳақда Мюнхен техника университети олимларига таяниб, Earth.com хабар берди.
Ернинг аста-секин “секинлашиши” ҳақидаги қараш анча вақтдан бери маълум. Earth.com маълумотларига кўра, динозаврлар асрида (яъни 200 миллион йил олдин) бир сутка 23 соат, 1,4 миллиард йил аввал эса атиги 18 соат 41 дақиқа давом этган.
Мюнхен техника университети тадқиқотчилари Ернинг айланишини аниқ ўлчаш ва унинг айланиш тезлиги динамикасини кузатиш учун ҳалқали лазер ёрдамида узоқ муддатли тажриба ўтказди. Ушбу лазер 6 метрлик ер остига кўмилган махсус мўлжалланган босимли камерада ишлайди. Жорий экспериментнинг асосий ютуғи олдинги тадқиқотларга нисбатан ўлчов аниқлигининг сезиларли даражада ошиши ҳисобланади.
“Айланиш динамикасини тушуниш нафақат астрономия, балки аниқ иқлим моделларини яратиш ва Эл-Нинё каби об-ҳаво ҳодисаларини яхшироқ тушуниш учун ҳам муҳимдир. Маълумотлар қанчалик аниқ бўлса, прогнозлар шунчалик аниқ бўлади”, — дейди тадқиқот лойиҳаси раҳбари Улрих Шрайбе.
Ернинг айланиши “Кориолис эффекти” деб аталадиган ҳаво ва сув массаларининг инертиал ҳаракати орқали иқлим ва об-ҳавога бевосита таъсир қилади, бунинг бевосита ва билвосита оқибатлари циклонлар, шамоллар, ва бошқа табиий ҳодисалардир.
Изоҳ (0)