Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини (МТРК) молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатда президентнинг 2016 йил 27 июндаги ПҚ-2553-сон қарорига асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан МТРКга ажратилган кредит бўйича тўловларни кечиктириш учун ҳисобланган пенялар ҳисобдан чиқарилади. Телерадиокомпанияни рақамли эшиттириш форматига ўтиш учун замонавий мултимедиа ускуналари билан жиҳозлаш мақсадида нол фоизлик 22,5 миллион евро (302,8 миллиард сўм) кредит ажратилганди.
Бундан ташқари, кредит муддати 10 йилдан 13 йилгача узайтирилиб, давлат бюджетининг қарзни қайтаришдаги улуши оширилади.
Дастлаб 22,5 миллион евро миқдоридаги кредит МТРК ва давлат томонидан тенг улушларда — ҳар бири 11,25 миллион евродан тўланиши режалаштирилганди. Аммо бу йиллар давомида корхона кредит учун умуман тўламаган ва ҳар олти ойда бюджетдан 661,76 минг доллар ажратилган. “Газета.уз”нинг ёзишича, энди бюджет маблағлари ҳажми йилнинг биринчи ярмида 1,03 миллион еврогача ошади, МТРК эса 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб 200 минг евро, кейин эса 100 минг доллардан тўлайди — 2030 йил охиригача жами 1,4 миллион евро. Шу тариқа, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ссуда учун давлат бюджетидан 21,1 миллион евро (қарзнинг 93,7 фоизи) ажратилади, бу режадагидан қарийб 10 миллион еврога кўпдир.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил учун МТРКга давлат бюджетидан 555,94 миллиард сўм маблағ ажратилиши керак. 2022 йилда компанияга 463,6 миллиард сўм, 2021 йилда 427,1 миллиард сўм, 2020 йилда 399,5 миллиард сўм бюджет маблағлари ажратилган.
Изоҳ (0)