Октябрь ойида фуқаро Урал Бегимқулов Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлигига Equinox автотранспорт воситасини ҳадя қилган эди. 2023 йилда ишлаб чиқарилган Equinox ҳокимлик балансига қабул қилинганди.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, нархи 408 миллион сўмдан бошланадиган Equinox ҳокимликка бежизга совға қилинмагани, бунда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли борлиги айтилган эди.
Қонунчиликка кўра, туман ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорт воситаларининг қиймати 1 000 базавий ҳисоблаш миқдоридан, яъни 330 миллион сўмдан ошмаслиги талаби мавжуд.
Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 23 ноябрда Қумқўрғон тумани ҳокимлигига Коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳақидаги тақдимнома киритган.
Шундан сўнг, 30 ноябрь куни Қумқўрғон тумани ҳокими Equinox автотранспорт воситаларини балансга қабул қилиш тўғрисидаги фармойишини бекор қилган. Мазкур фармойиш ижросини назорат қилишни туман ҳокими ўз зиммасида қолдирган.
Тошкент ҳокимлигига совға қилинган қимматбаҳо Mercedes
2021 йилда Тошкент шаҳрида Латипова Зиёда исмли аёл ўзининг Mercedes-Benz S500 Hybrid машинасини шаҳар ҳокимлигига текинга берганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedes-Benz совға қилинишида қонун бузилиши бўлмаганини айтганди ўшанда.
Тошкент ҳокимлигига совға қилинган қимматбаҳо Mercedes ўша вақтда пойтахтга ҳокимлик қилган Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли эканлиги айтилган эди.
Изоҳ (0)