Ўзбекистонда мансабдорлар билан биргаликда давлат харидларига масъул бўлган ижрочи ходимларни ҳам жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташеванинг маълум қилишича, Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175(8)-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) санкцияси кучайтирилиб, жарима суммаси миқдорини ошириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ушбу модда билан аввал фақат мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган бўлса эндиликда қонун лойиҳасига кўра, мансабдор шахслар билан биргаликда давлат харидларига масъул бўлган ижрочи ходимларни ҳам жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, Ёшлар ўртасида коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш мақсадида Республика олий таълим муассасаларида Аксилкоррупция коворкинг марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда ва барча олий таълим муассасаларида талабалар учун ўқув семинарлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Олий таълим муассасалари талабалари учун коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган YouthLED лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)