Сурхондарё ва Наманган вилоятларида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйган савдо дўконлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан Солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Шўрчи туманидаги “Б.ф.” хусусий корхонаси раҳбари Ф.М. харидорга 205 дона “КВАДRAТ” номли алкоголь маҳсулотини 4,1 миллион сўмга сотган вақтида ушланган. Шунингдек, ушбу савдо дўкони ва омборхонасидан Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Комсар” МЧЖда ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилган 19 хил турдаги умумий баҳоси 981,8 миллион сўмлик жами 29 080 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тўрақўрғон туманидаги “Х.С.” МЧЖга қарашли савдо дўконида кирим ҳужжатлари бўлмаган “Комсар” МЧЖда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган умумий баҳоси 160 миллион сўмлик жами 4 524 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё туманидаги “Ф.М.” МЧЖга қарашли савдо дўконида “Комсар” МЧЖда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган жами 316 дона алкоголь маҳсулоти савдога қўйилгани, шунингдек 704 дона қалбаки акциз маркалар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш), 186-1-модаси (Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)