Сурхондарё вилоятида ноқонуний равишда ҳайвонот дунёсига зарар етказганларга чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 20 октябрь куни Сурхондарё вилояти Экология бошқармасига номаълум шахс томонидан ёввойи қум товушқони овлангани акс этган расм келиб тушган. Ушбу маълумотга асосан экологик суриштирув ўтказилганда расмда акс этган фуқаро Ангор тумани “Хомкон” маҳалласида яшовчи Н.Х. экани аниқланган.
Тегишли ҳужжатлар асосида ўрганишлар давомида фуқаро Н.Х. Ангор ва Музработ туманлари ҳудудида 2022 йилда рухсатномасиз, тунги вақтда олти бош, 2023 йилда 11 бош қум товушқонини ов қилиш муддатларига зид равишда тақиқланган усул, яъни тунги ёритиш мосламаси билан овлагани маълум бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар тайёрланиб, фуқарога нисбатан Маърмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисмига асосан маъмурий жарима белгиланган.
Таъкидланишича, Фуқаро Н.Х. томонидан 2022 йилда 6 бош қум товушқонини овлаши оқибатида табиатга 5 миллион 400 минг сўм, 2023 йил 14 октябрь куни 11 бош қум товушқонини овлаши оқибатида эса 10 миллион 890 минг сўм, умумий ҳисобда 16 миллион 290 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судига юборилган.
Изоҳ (0)