Самарқанд вилояти Пайариқ шаҳрида 4-сон мактабгача таълим ташкилоти табиий газ тармоғидан узилиб, кўмир билан иситилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, Пайариқ туманида 50 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларга жорий йилда жами 1290 тонна кўмир маҳсулотлари етказилиб берилган. Тумандаги 23 та мактабгача таълим ташкилотлари президентнинг 16- февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 57-сонли қарорига кўра, табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказилган, улар орасида 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам бор.
10 ноябрь кунидан бошлаб вилоятдаги барча ДМТТларида иссиқлик тизими ишга туширилган. Тумандаги 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 3 дона иссиқлик тизими учун қозон мавжуд, қозонлар тўлиқ ишга туширилган ва кўмир маҳсулотидан фойдаланилмоқда. Ушбу ташкилотга куз-қиш мавсуми учун жами 30,2 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилган.
“Тумандаги барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилган кўмир маҳсулотилар масъул ташкилотларнинг сифат сертификатига эга. Кўмир маҳсулотларини қабул қилиб олгандан сўнг, уни сифатли сақлаш ва жавобгарлик ташкилот раҳбари зиммасидадир”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)