Рақобат қўмитаси раиси Шоҳрух Шорахметов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши мумкин. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Сариёғ экспортига чекловни бекор қилиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича ҳукуматга топшириқ берилди.
Йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиётини жорий этиш, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.
Шу муносабат билан қўмита раиси Шоҳрух Шорахметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.
Изоҳ (0)