Эрон хавфсизлик кучлари Маҳса Аминий ўлимининг бир йиллиги арафасида унинг амакисини ҳибсга олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Эронда 2022 йил сентябрь ойи охирида 22 ёшли Маҳса Аминий ҳижобни “нотўғри” ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этган. Бунинг фонида мамлакатда норозилик намойишлари авж олган. Унда қатнашган юзлаб одамлар ҳибсга олинган, уларнинг айримлари қатл қилинган.
Ислом Республикасини ларзага келтирган тартибсизликларнинг қайтишидан чўчиган Эрон ҳукумати 16 сентябрь куни Маҳса Аминий вафотининг бир йиллиги муносабати билан ўтказиладиган ҳар қандай йиғинларни чеклаш мақсадида “мухолифатга қарши тазйиқни” кучайтирди.
“Бир гуруҳ хавфсизлик кучлари Аминининг амакиси Сафо Аэлининг уйига борган. Суд қарорисиз унинг машинаси ва уйини тинтув қилишган, кейин эса ўзини ҳибсга олишган. Аэлининг паспорт ва шу каби бошқа ҳужжатларини ҳам олиб қўйишган”, — деди манба.
Ҳибсга олинишидан олдин, Аэли бир ҳафта давомида хавфсизлик кучлари томонидан кузатилган. Унинг оила у қаерга олиб кетганини билмайди. Уларга Аминий ўлимининг бир йиллиги сабабли ҳеч қандай йиғилиш ўтказмаслик билан таҳдид қилинган.
Изоҳ (0)