Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, кейинги вақтларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қурилиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларга зид равишда кўп ҳолатда қурилишга рухсат бериш, реконструкция қилиш, вақтинчалик бино-иншоотлар қуришга рухсат бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
“Шунингдек, қонунчиликка номувофиқ тарзда ер участкаси ажратиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш зарурати Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда”, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳужжат билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қурилиш соҳасига оид уларга хос бўлмаган айрим ваколатлари тугатилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши архитектура ва қурилиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатиш борасида амалиётда кузатилаётган мавжуд муаммоларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликларни ва ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб бир қатор таклифлар берган. Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.
Май ойида “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинганди. Бундан ташқари мазкур қарор билан 2023 йил 1 декабрдан Республикада кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилади. Мазкур миллий тизим доирасида Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудлардаги сейсмик ҳодисаларнинг мониторинги реал вақт режимида юритилади.
Изоҳ (0)