Умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса-да, Дубайга саёҳат қилишни орзу қилмаган инсон топилмаса керак. Oсмонўпар бинолар, ривожланган шаҳар, иссиқ қуёш тафти ва жозибали денгиз соҳилларини бир сўз билан таърифлаш қийин. Уни фақат кўриш ва завқланиш керак холос. “Дарё” журналисти Наргиза Муродова Дубай бўйлаб ўтказилган пресс-турда иштирок этиб, шаҳарнинг туризм салоҳияти билан танишди.
Шубҳасиз, саёҳатдан олган таассуротларим олам жаҳон. Келинг, каминани ҳайратлантирган Дубай таассуротларини сиз билан бўлишаман.
Дубайнинг муваффақият сири нимада?
Ҳозирги кунда келажак шаҳри дея эътироф этиладиган Дубайнинг пайдо бўлганига кўп бўлгани йўқ. Агар уни бошқа ривожланган шаҳарлар билан солиштирсак, бирданига пайдо бўлиб қолган мегаполисга ўхшайди. Дубайни келажак шаҳри деб аташлари бежиз эмас. Унинг ривожланиш суръати шунчалик юқорики, атиги 50 йил ичида Дубай кичик порт шаҳридан бутун дунёга машҳур бўлган маърифатли шаҳарга айлана олди.
Нега сайёҳлар Дубайга интилишади?
Бунинг сабаблари бисёр. Чунки аэропортдан тортиб то дам олиш манзилларига қадар сайёҳлар учун қулайлик яратилган. Келинг, бу қулайликларнинг айримлари ҳақида тўхталаман.
БААга парвозлар сони ортиб бормоқда. Масалан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳар куни Тошкентдан Дубайга, шунингдек, Самарқанд ва Фарғонадан қатновларни амалга оширади. Сиз шу йилнинг сентябр ойидан бошлаб, Дубайга Тошкент ва Намангандан ҳар куни парвоз қиладиган FlyDubai билан учишингиз мумкин.
Дубайга саёҳатни режалаштириш энди осонлашди. Ота-оналари билан саёҳат қилган 18 ёшгача бўлган болалар энди бепул туристик виза олишлари мумкин.
Аэропортдан тушишингиз билан сизга бепул сайёҳлик SIM-картаси тақдим этилади. Бундай қулайлик сайёҳларнинг вақтини анча тежайди.
Дубай шаҳри тўлиқ Wi-Fi тизимига уланган. Савдо маркази, метро, парк ёки чўмилиш ҳавзасига борсангиз ҳам бемалол бепул интернетдан фойдаланишингиз мумкин. Фақатгина унга уланиш учун исм-фамилиянгиз, телефон рақамингиз ва шаҳарга қандай мақсадда ташриф буюрганингизни ёзиб ўтсангиз кифоя.
Шаҳар ниҳоятда озода. Мамлакатда пластик идишлар ишлаб чиқаришга жиддий чеклов қўйилган. Ресторан ва тамаддихоналарда бундай идишларга солинган ичимликларни деярли учратмайсиз. Аҳолининг пластик идишларга бўлган талабини қондириш мақсадида, кўплаб ҳудудларда бепул ичимлик суви тарқатилади. Шу боис, аҳолининг кўп қатлами кўп марта фойдаланиладиган сув идишларини ўзи билан олиб юради. У ҳудудларга ўрнатилган махсус аппаратлардан тоза ичимлик сувини иссиқ, совуқ ёки газли ҳолатда бепул олиши мумкин.
Бундан ташқари, Дубай энг хавфсиз шаҳар сифатида тан олинади.
Юқоридаги маълумотларни ўқиб, “Албатта, Дубайга бораман” деб ният қилган бўлсангиз ажаб эмас. Саёҳат қилишдан аввал, аниқ режа тузиб олиш керак. Қаерга борасиз, у ернинг нарх-навоси ва чипталар қанча муддат аввал банд қилиниши керак. Чунки аввалдан банд қилинган чипта нархи, шошилинчда олинганидан бир неча бор арзонроқ бўлади.
Бурж-Ҳалифа — энг баланд бино
У дунёдаги энг баланд бино ҳисобланиб, 2009 йилда барпо этилган. 828 метрга тенг бўлган бинонинг қурилиш ишлари нақд 6 йил давом этган. Маълумотларга кўра, 6 йиллик қурилиш ишларига ҳар куни 12 минг қурувчи жалб этилган. Ўзига хос архитектура ва дизайнда қурилган иншоот 163 қаватдан иборат. Уни 80 км узоқликда туриб ҳам бемалол кўриш мумкин. Архитекторлар фикрича, у шунчаки бино эмас, балки шаҳар ичидаги шаҳарча ҳисобланади. Чунки унинг ичида меҳмонхоналар, замонавий офислар, ресторанлар ва томоша майдонлари ҳам бор.
Энг баланд осмонўпар бино ёнида кўплаб дўкон ва ресторанларга эга Dubai Маll шаҳардаги энг машҳур савдо марказларидан бири, шунингдек, Дубайнинг ўзига хос белгиси бўлган машҳур мусиқали фаввораси, шунингдек, Дубай аквариуми ва сув ости ҳайвонот боғи жойлашган.
Мuseum of the Future — кeлажак музейи
Унинг ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ, шу боис сайёҳларнинг қизиқиши жуда юқори. Ноодатий дизайндаги келажак музейининг баландлиги 77 метрни ташкил этади. Ташриф буюрувчилар замонавий технологиялар ёрдамида 2071 йилга саёҳат қилишлари ва келажакда яратилиши мумкин бўлган техник янгиликлар билан яқиндан танишишлари мумкин.
Бундан ташқари, “ДНК кутубхонаси” деб номланган бўлим мавжуд бўлиб, унда сиз сайёрамиз флора ва фаунаси, шунингдек, йўқ бўлиб кетиш арафасида турган ҳайвонлар ва ўсимликлар ва келажакдаги технологиялар уларни сақлаб қолишга қандай ёрдам бериши ҳақида кўпроқ маълумот олишингиз мумкин.
Бу шунчаки музей эмас, балки ихтирочи, олим ва тадқиқотчиларнинг лойиҳаларини ҳам қўллаб-қувватлайдиган маскан ҳисобланади. Келажак музейи бутун дунёда муҳандислик мўжизаси сифатида кўрила бошланди. National Geographic журнали уни дунёдаги энг гўзал 14 музей рўйхатига киритган. Лойиҳа бош муҳандиси Шон Килланинг сўзларига кўра, бинонинг ўзига хос эллиптик шакли Дубайнинг келажак ҳақидаги тасаввурини ифодалайди.
Бу мамлакат тарихи ва унинг шаклланишининг асосий жойи ҳақида ҳикоя қилувчи муҳим музей ҳисобланади. Айнан шу ерда 1970 йилда ўша йиллардаги амирликлар раҳбарлари ўртасида Бирлашган Араб Амирликлари давлатига асос солган шартнома имзоланди. Шунинг учун уни “Этиҳад” деб аташган, яъни арабча “бирлаштириш” маъносини билдиради.
Музейда тарихий хронология, фотосуратлар, артефактлар ва ажойиб фильмлар билан кўплаб интерактив экспонатлар мавжуд.
Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум маданийат маркази
Маданият маркази Ал-Фаҳиди туманида жойлашган. Бу ерда сиз ҳақиқий араб елканли қайиқларини ва шамол тегирмонларини кўришингиз мумкин.
Маданият марказида меҳмонларга Дубай халқининг маданияти ва урф-одатлари ҳақида сўзлаб берилади, шунингдек, миллий таомлар ва кофе ичиш анъаналари билан таништирилади. Дарҳақиқат, Шарқда ҳар қандай маданий алоқа дастурхон атрофидаги суҳбатдан бошланади.
La Perla by Dragone аква шоуси
Меҳмонхона ичида жойлашган театр дунёдаги энг етакчи томошагоҳлардан бири ҳисобланади. Уни кўриш учун ҳар йили миллионлаб томошабинлар ташриф буюришади. Агар Дубайга келиб, унга ташриф буюрмасангиз, саёҳатингиздаги энг ёрқин хотиралар сони тўлиқ бўлмаслиги аниқ. Хуллас, биз La Perla by Dragone спектаклини томоша қилиш учун бордик. Саҳнадаги катта бассейн, мураккаб трюклар, ранг-баранг рақслар, энг замонавий монитор хуллас ҳаммаси ўзгача. Уни театр, мюзикл ёки концерт деб бўлмайди. Чунки унда бир нечта санъат турлари жамланган. Бассейн сувининг бирдан тошиши ва бир ҳаракат билан саҳнанинг қуриши ҳар қандай томошабинни ҳайратлантириши аниқ.
Томоша дунёга машҳур режиссёр Франко Драгонэ томонидан саҳналаштирган ва унда 65 та турли миллатга мансуб иқтидорли актёрлар иштирок этишади.
Aquaventure аквапарки ва Тhe Lost Chambers аквариуми
Дубайнинг диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб, у 2008 йилда Аtlantic Тhе Palm курортида барпо этилган. Комплекс таркибига дунёдаги энг йирик Aquaventure аквапарки киради. У ерда 27,5 метр узунликдаги шаффоф трубка бўйлаб, экстремал ҳордиқ чиқаришингиз мумкин. Аквапаркда жами 105 та аттракцион мавжуд, фақат уларнинг кўпчилигида учиш учун боланинг бўйи 120 сантиметр бўлиши керак.
Сувда ҳордиқ чиқариб, Тhe Lost Chambers аквариуми ёнидаги курорт ҳудудида жойлашган Wаvehause ресторанида тушлик ёки кечки овқат қилишингиз мумкин. Тhe Lost Chambers аквариумида сиз турли хил денгиз жониворларини кўришингиз мумкин. Масалан, у ерда денгиз отларидан тортиб улкан морай балиқларигача бор.
Иқлим шароитига кўра, шаҳарнинг кўпгина боғлари ёпиқ ҳудудларда жойлашган. Аттракционларнинг кўплиги бўйича, IMG Worlds of Adventures нафақат болаларга, балки катталарга ҳам ёқади.
Бундан ташқари, бу ерда турли хил халқаро ошхоналар ресторанлари мавжуд.
The Green Planet Dubai тропик ўрмони
Дубай марказидаги тропик ўрмон бўлиб, 4 қаватли бинода 3000 турдаги ўсимлик ва ҳайвонлар ёнма-ён яшайди. Саёҳат энг юқори қаватдан бошланади. “Биодом” марказида улкан дарахт бор, бундан ташқари, гуллар, экзотик ва манзарали буталар ҳам ўсади. Ҳайвонлар ва қушлар бино атрофида бемалол сайр қилишлари, ташриф буюрувчилар ўзларини ўрмонда юргандек ҳис қилишларига ёрдам беради.
Агар кўршапалаклар ва илонлар баъзи одамларни қўрқитса (қўрқманглар, улар махсус хоналарда яшайдилар), учиб юрадиган тўтиқушлар фақат завқ бағишлайди. Қушлар ҳатто меҳмонларнинг елкаларига ҳам ўтиришлари мумкин. Бино шундай қурилганки, юқоридан пастга тушаётганда чарчоқни ҳис қилмайсиз.
Меҳмонхоналар сифати ва нарх-навоси қандай?
Саёҳатнинг кўнгилдагидек ўтиши кўп жиҳатдан меҳмонхонага ҳам боғлиқ. Дубай энг ҳашамдор ва сифатли хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналари билан машҳур. Ҳар йили кўплаб хориж инвесторлари меҳмонхона инвеститция бўйича таклифларини билдиришади.
Олти кунлик саёҳатимиз давомида JА Ocean View Hotel ва JА Lake View Hotel меҳмонхоналарида бўлдик. Албатта, улардаги хизмат сифати ва нарх-навоси сизни қизиқтириши аниқ.
JА Ocean View Hotel — Дубай марказидаги ҳашаматли беш юлдузли меҳмонхоналардан бири. 25 қаватдан иборат меҳмонхона орқали Форс кўрфазини яқиндан кўриш мумкин. Дам олувчиларда меҳмонхонанинг катта ҳовузидан ташқари, қирғоққа бориб чўмилиш имконияти ҳам бор.
Меҳмонхона сифати аъло даражада, хизматчилар ҳам дам олувчиларда яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қилишади. Меҳмонхонада 5 та ресторан ва барлар хизмат кўрсатади. Нонушта, тушлик ва кечки овқатни шоҳона ўтказишингиз, энг сара таомларни еб ҳузур қилишингиз мумкин. Масалан, тушлик учун Motorina’да мазали пицца ёки Le Rivage буфет кечки овқат учун боринг.
JА Lake View Hotel — Жебел Али ҳудудидаги беш юлдузли меҳмонхона бўлиб, яшил боғ ва голф майдонлари билан ўралган.
Меҳмонхона JА Тhе Resort меҳмонхона мажмуасининг бир қисми бўлиб, у JА Beach Hotel ва JА Palm Tree Courtаnd’ни ҳам ўз ичига олади. У ерда 25 та ресторан ва бар, кўплаб бассейнлар, от спорти маркази ва курорт ҳам бор. Айниқса, болалар, Just Splash сув ҳавзасидан завқланишади, катталар эса гольф майдонида вақтларини мазмунли ўтказишлари мумкин. Хизмат аъло даражада. Бир хонанинг нархи бир кеча учун 100-120 доллардан бошланади ва мавсумга қараб фарқ қилиши мумкин.
Дубай яқинидаги Европанинг “юраги”
“Европанинг юраги” орол мажмуаси Форс кўрфазида, Дубай қирғоғидан тўрт километр узоқликда жойлашган. У олтита табиий оролдан иборат бўлиб, уларнинг аксарияти Жаҳон ороллари архипелагида жойлашган.
“Европанинг юраги” биринчи курорти – Cоtе d’Azur Monaco синов режимида меҳмонларни қабул қилмоқда. 198 хонали меҳмонхона 18 ёшдан катталар учун мўлжалланган. Айни пайтда унинг асосий диққатга сазовор жойи — “Ёмғирли кўча” ҳисобланади.
Келажакда қор ёғиши ҳам мумкин. Меҳмонхонанинг расмий очилиши шу йилнинг кузида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Дубайнинг мазали ошхоналари…
Бу ҳақида ҳам сўз очмасак бўлмайди. Бу ерда дунё таомларининг барча турларини учратиш мумкин. Меню ранг-баранг хоҳишга қараб турли миллат ошхоналаридан тамадди қилиш имконияти бор. Аъло хизмат кўрсатиш ва мазали меню сабаб бу йил Dubai Guide “MICHELIN” иккинчи нашрида учта янги ресторанга битта Мишель юлдузи топширилди. Бундан ташқари, 17 та ресторан Bb Gourmand мукофотига сазовор бўлди.
Сайёҳларнинг кўпчилиги W Dubai меҳмонхонасида жойлашган Ginger Moon ресторанига қизиқишади. Боиси, очиқ панорамали терасса ва ёриткичли бассейн шаҳарнинг ажойиб манзараларини ўзгача шаклда кўрсатади. Ресторан менюсида сирланган қўзичоқ қовурғалари, цитрус мевалари билан сашими, калмар ва қарсилдоқ нон ва бошқа пан-Осиё таомлари бор.
Ресторан фақат катталар учун ишлайди, бу болаларсиз ташриф буюриш кераклигини англатади.
Дубайга қайси мавсумда борган маъқул?
Дубай бўйлаб саёҳатни йил бўйи амалга оширишингиз мумкин. Чунки ҳамиша бу ерда сайёҳларнинг эътиборини тортадиган жиҳатлар бор. Агар ёз ойида борсангиз, меҳмонхонадан тортиб, музей чипталарининг нархларигача чегирмада харид қилишингиз мумкин.
Ёзги Дубай барча ёшдагилар учун ўйин-кулгиларни таклиф этади, жумладан, 3 сентябргача давом этадиган машҳур Dubai Summer Surprises харид қилиш фестивали, шунингдек, 12 ёшгача бўлган болалари бор оилалар учун Kids Go Free учун махсус чегирма дастури мавжуд.
Одатда айрим давлатлар фақатгина бир жиҳати билан сайёҳлар эътиборини тортади. Дубайда эса бундай чегара йўқ. Соҳилга бориб чўмилиш, осмонўпар биноларга чиқиб шаҳарни томоша қилиш, саҳрода экстремал пойгалар уюштириш ёки туя устида сайр қилиш мумкин. Бунинг учун фақатгина хоҳиш ва етарли маблағингиз бўлса кифоя.
Журналист Наргиза Муродова
Изоҳ (0)