Сурия президенти Башар Асад Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан унинг шартлари асосида учрашмаслигини айтди. Асад “Туркия томонидан Суриянинг шимолий ҳудудлари оккупация қилинганини” тан олиш ниятида эмаслигини таъкидлади.
“Эрдўғон билан учрашув Анқара белгилаган шартлар асосида ўтмайди. Ҳозирги вазиятда у билан музокарага киришиш Туркия томонидан Суриянинг шимолий ҳудудлари оккупация қилинганини тан олишга тенг бўлади”, — деб ўз қарорини тушунтирди Асад Sky News Arabia телеканалига берган интервьюсида.
Сурия президенти март ойида турк қўшинлари мамлакатни тарк этганидан кейингина Эрдўғон билан учрашишини айтган эди. Унинг фикрича, бундай музокаралар Суриядаги ҳарбий можарога чек қўйиши керак.
Май ойида Москвада Россия, Туркия, Сурия ва Эрон ташқи ишлари вазирлари учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Туркия ва Сурия муносабатларини нормаллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинганди.
Изоҳ (0)