Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган мактабларнинг бирида содир бўлган ёнғин тўғрисида маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2 август куни соат 11:43 да Мирзо Улуғбек тумани Истиқлол кўчасида жойлашган 50-сонли мактабнинг 2-қаватида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 11:49 да воқеа жойига етиб борган, ёнғин соат 11:52 да ўраб олинган ва соат 12:00 да ўчирилган.
Ёнғин натижасида 2-қаватнинг тахминан 10 квадрат метр майдонда ички жиҳозлари ёниб зарарланган.
“Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, — дейилади хабарда.
Бундан олдин Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчасида жойлашган икки қаватли савдо дўконларида ёнғин содир бўлгани, Фарғонада караоке кафесида юз берган ёнғин оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)