Вазирлар Маҳкамасининг 21 июлдаги қарори билан Давлат муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат президентнинг 2022 йил 8 февралдаги “Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Низом, хусусан, қуйидагиларни белгилайди:
- давлат муассасасининг ҳуқуқий мақоми;
- давлат муассасасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
- давлат муассасасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этиш тартиби;
- давлат муассасаси фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш тамойиллари;
- давлат муассасаси фаолиятини назорат қилиш тартиби.
Давлат муассасаси бошқарув, ижтимоий-маданий ёки бошқа нотижорат тусдаги вазифаларни амалга ошириш учун давлат органи ёки ташкилоти томонидан ташкил этилган ҳамда тўлиқ ёҳуд қисман у томонидан молиялаштириладиган юридик шахсдир.
У ваколатига кирадиган масалалар ҳамда унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган қарорлар, буйруқлар, кўрсатмалар қабул қилиш, зарур бўлганда, бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.
Давлат муассасаси монополияга қарши органнинг дастлабки розилиги олингандан сўнг ташкил этилади.
Изоҳ (0)