Ғарб кучли бўлиши ва Украинани имкон қадар тезроқ НАТОга ҳеч қандай шартларсиз қабул қилиши керак, дейди Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон Daily Mail учун ёзган мақоласида.
“Хўш, улар нимадан қўрқди? НАТО раҳбарлари шу ҳафта Вильнюсга келганида, улар қилиши керак бўлган нарса кундек равшан эди. Улар кучли бўлиши керак эди. НАТОнинг моҳияти шу”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, альянсдан бор-йўғи Украинага уруш тугаши биланоқ НАТОга қўшилиши мумкинлигини тушунтириш талаб қилинганди, бу “тўғри сигнал” бўларди. Бироқ бунинг ўрнига украиналикларга “қачон барча иттифоқчилар рози бўлса, шартлар бажарилса, НАТОдан таклиф олиши” айтилди.
“Бошида президент Зеленский учун ҳафсаласи пир бўлганини яшириш қийин бўлган бўлса ажабмас”, — деди собиқ бош вазир.
У 2008 йилда Бухарестда бўлиб ўтган альянс саммитини эслатиб ўтди, ўшанда Украина ва Грузиянинг келажакда НАТОга кириши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилинганди.
“Иттифоқчилар қачон келишувга эришади? Қачон шартлар бажарилади? Иттифоқчилар буларнинг барчасини 15 йил олдин келишиб олганди!” — таъкидлади Жонсон. “Ҳали ҳеч бир давлат НАТОга аъзо бўлишга тайёрлигини намойиш этиш учун Украинадан ортиқ ҳаракат қилмаган. Ҳеч бир ҳарбий куч НАТО қуролларидан фойдаланишда кучлироқ ёки самаралироқ эмас. Ҳеч бир давлат НАТОга аъзо бўлишга бунчалик муҳтож эмас”.
Вильнюсда бўлиб ўтган саммитда Киевдан Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлар режаси талабларига риоя қилиш заруратини олиб ташлашга қарор қилинди. Шу билан бирга, иттифоқчилар Украинани “барча шартлар бажарилгандагина” альянсга таклиф қилишини очиқ-ойдин билдирган. Бироқ саммитда Киев бажариши керак бўлган шартлар рўйхати ошкор этилмаган.
Украина президенти Владимир Зеленский НАТО давлатларининг Украинага нисбатан позициясини танқид қилди.
Изоҳ (0)