Парижга яқин Нантер шаҳрида полициячи 17 ёшли ўсмирни ўлдирганидан кейин тартибсизликлар бошланди. Полиция етти кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Le Monde газетаси хабар берди.
Le Monde нашрининг ёзишича, полициячи 17 ёшли ўсмирдан яна икки йўловчи билан бўлган машинани тўхтатишни талаб қилган. Ўсмир бу талабларни бажаришдан бош тортганида полициячи уни отиб ташлаган. Воқеа 27 июнь куни эрталаб содир бўлган.
Полиция ходими қасддан одам ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олинган. Ўлдирилган ўсмир бошқарган автомобиль йўловчиларидан бири ҳам қўлга олинди, яна бири қидирилмоқда. BFМTV телеканали маълумотларига кўра, ўсмир аввалроқ ҳайдовчилик гувоҳномасисиз машина бошқаргани ва полиция талабларини бажаришдан бош тортгани қайд этилган.
Кечқурун Нантерда маҳаллий полиция биноси олдида норозилик намойиши бўлиб ўтди. Кейинчалик у тартибсизликларга айланди. Намойишчиларнинг баъзилари баррикадалар ва ахлат қутиларига ўт қўйишди, автобус бекатини синдиришди ва полицияга петардалар отишди. Бунга жавобан полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Тартибсизликлар вақтида етти киши ҳибсга олинди, деб ёзади Le Monde полицияга таяниб. BFМTV маълумотларига кўра, камида бир киши жароҳат олган.
Изоҳ (0)