Дунё Украинада “қон тўкилишини тўхтатиш” учун ҳамма чорани кўриши керак, деди Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди АҚШга ташрифи чоғида.
“Мен бевосита ва очиқ гапиряпман: ҳозир уруш даври эмас. Ҳозир мулоқот ва дипломатия даври. Биз ҳаммамиз одамларнинг қони тўкилиши ва азоб-уқубатларини тўхтатиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак”, — деди бош вазир.
Сўнгги бир неча йил ичида “воқеаларнинг чуқур ҳалокатли ривожланиши кузатилди — Украина можароси билан Европага уруш қайтди”, қўшимча қилди Ҳиндистон ҳукумати раҳбари. У урушнинг глобал оқибатлари барча учун оғир бўлишини таъкидлади.
Ҳиндистон бош вазири аввал ҳам томонларни мулоқотга чақирган: “Ҳозир уруш даври эмас” деган иборани у ўтган йилнинг кузида Самарқанддаги ШҲТ саммитида Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда айтган эди. Декабрь ойида Моди ушбу ғояни қўллаб-қувватлаб, шундай деган:
“Бугун биз тирик қолиш учун курашишимиз керак эмас. Бизнинг давримиз урушлар даври бўлмаслиги лозим!”
20 июнь куни The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида Моди Ҳиндистон Украина можаросида бетараф эмаслигини, тинч йўл билан ҳал этиш ва мулоқот тарафдори эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)