Президентликка номзод Робахон Маҳмудова 19 июнь куни Нукус шаҳрида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда депутатлар иш вақтининг ярмини ўз сайловчилари ёнида ўтказиши кераклигини айтди.
Учрашувни Президентликка номзоднинг ишончли вакили очиб берди ва дастлаб, йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти хусусида батафсил маълумотлар берди. Робахон Маҳмудова парламентаризм ва парламент демократиясини янада ривожлантириш йўлида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни муҳим деб ҳисоблашини маълум қилди:
- қонунларни тўғридан тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш, бу борада парламент қўмиталари ишини кучайтириш;
- парламент фаолиятида тадбиркорлик субъектлари ишига аралашмаслик, уларга оид масалаларни ижро органларидан талаб қилиш;
- депутатлар иш вақтининг ярмини албатта ўз сайловчилари ёнида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этиш керак, улар аҳоли билан бирга ишласин;
- парламент қўмиталарининг раиси ва раис ўринбосари битта партиядан бўлишини тақиқлаш.
Қайд этилишича, дастурда илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлар “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан ҳамоҳанг бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, адолат тамойилларини барқарор таъминлашни назарда тутади.
Изоҳ (0)