Тошкентнинг Амир Темур, Шаҳрисабз, Шота Руставели ва Янги Сергели кўчаларида жамоат транспорти коридорлари жорий этилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида йўловчилар ташиш фаолияти ва кўрсатилаётган транспорт хизматларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳужжат билан Тошкент шаҳрининг Амир Темур, Шаҳрисабз, Шота Руставели ва Янги Сергели кўчаларида жамоат транспорти коридорларини жорий этиш белгиланмоқда. Бунда, ушбу кўчаларда:
- автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади;
- чорраҳаларда светофорларнинг мувофиқлаштирилган бошқарув тизими жорий этилиб, уларнинг геометрик параметрларини ўзгартириш орқали самарадорлиги оширилади;
- йўналишсиз такси учун йўловчиларни тушириш/чиқариш майдончалари жорий этилади;
- эҳтиёждан келиб чиқиб, йўл транспорт ҳодисалари таҳлили асосида тартибга солинган пиёдалар ўтиш йўлаклари жорий қилинади ва светофорларни мувофиқлаштирилган тизимга интеграция қилиш, хавфсизлик оролчаларини жорий этиш ишлари олиб борилади;
- жамоат транспорти инфратузилмаси объектлари талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда реконструкция қилинади.
Изоҳ (0)