Москвада одам ўғирлаш ва товламачилик билан шуғулланган қирғизистонликларнинг жиноий гуруҳи қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб, “Дарё”нинг республикадаги мухбири хабар берди.
Май ойи охирида Қирғизистон Республикасининг Россиядаги дипломатик ваколатхонасига Москвада Қирғизистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ фаолият юритаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Жиноий гуруҳ этник принципда тузилган.
Кейинроқ, 23 май куни полицияга 37 ёшли қирғизистонлик аёлдан ариза тушган. Аёлнинг сўзларига кўра, бандитлар унинг қариндошини ўғирлаб, ундан пул ундиришган. Ўғирланган шахс аёлга ёрдам сўраб мурожаат қилган ва 150 минг рубль (1 843 доллар) ўтказишни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида олти нафар босқинчи қўлга олинди. Жиноятчиларнинг барчаси Қирғизистоннинг Иссиқкўл ва Норин вилоятларида туғилган фуқаролар бўлиб чиқди, дейилади ИИВ хабарида.
Гуруҳни қўлга олиш чоғида яна бир жабрланувчи ҳам топилган. Уни ижарага олинган квартирада мажбуран сақлашган, калтаклашган, қурол билан қўрқитиб, 300 минг рубль (3 687 доллар) талаб қилишган. Яна бир фактга кўра, худди шу турар жойда босқинчилар қирғизистонлик яна бир кишига таҳдид қилиб, ундан 1 миллион рубль (12 290 доллар) талаб қилишган.
Ҳолат юзасидан Москва шаҳри Головинский тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Россия Жиноят кодексининг “Товламачилик” ва “Озодликдан қонунга хилоф равишда маҳрум қилиш” моддалари бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Коротовских Евгений, Қирғизистон