Қирғизистоннинг “Айдаркен” чегара отряди чегарачилари Ўзбекистонга 23 минг долларлик дорилар ноқонуний равишда олиб ўтилаётганини аниқлади. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизматига таяниб, “Сводка” хабар берди.
Боткен вилояти Қадамжой туманида чегарачи 1990 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси бошқарувидаги Daewoo Nexia машинасини кўрикдан ўтказиш учун тўхтатган. Чегара хизмати ходимлари машинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган дориларни аниқлаган. Препаратларни Ўзбекистонга олиб ўтиш мўлжаллангани маълум бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, юкнинг қиймати 2 миллион сомга (салкам 23 минг доллар) яқин. Ҳолат юзасидан қўлга олинган ҳайдовчи ва юк қўшимча тергов ўтказиш учун ваколатли органларга топширилган.
Изоҳ (0)