Маҳоратли бошловчи Нилуфар Сотиболдиева бу йил 41 ёшни қаршилади. Бугунги кунда энг талабгир бошловчи сифатида эътироф этиладиган, ўзбек, рус ва инглиз тилида равон гапирадиган ижодкор ҳам осонликча бу даражага етмаган.
“Телевизорнинг ичидан чиқаман, дердим”
Нилуфар Сотиболдиева 1982 йили Тошкент шаҳрида дунёга келган. Оилада икки қиз, унинг бир нафар синглиси бор.
— Отам вафот этгунига қадар болалигим жуда гўзал ўтган. Онамнинг айтишича, боғча ёшидан бошлаб ҳеч кимга гап бермайдиган, гапга чечан қиз бўлганман. Онам шифокор бўлгани учун қизларининг ҳам шу соҳани эгаллашини орзу қиларди. Аммо мен бирор марта шифокор бўламан демаганман. Ҳатто, кичик ёшда бошловчи деган сўзни билмай “Телевизорнинг ичидан чиқаман”, дердим. Афсуски, отам оғир ҳасталик сабаб, ҳаётни жуда эрта тарк этган. Ўшанда мен 3 ёшда, синглим эса 6 ойлик чақалоқ бўлган. Отамнинг елкасига миндириб олиб юрган кунларини жуда яхши эслайман, — дейди
“Онам кечаси билан йиғларди”
Нилуфар Сотиболдиевани кўпчилик бадавлат деб билади. Аммо у оиласи билан кўплаб молиявий қийинчиликларни бошдан кечирган. Отасининг вафотидан сўнг кўчада қолгани, тинимсиз ижара уйни алмаштиргани ҳақида сўзлаб берди.
— Отам вафот этганидан кейин онам икки фарзандини олиб ижара уйга кўчиб ўтишига тўғри келган. Онам ТошМИ да шифокор бўлиб ишлагани билан кам маош оларди. Ойлиги у қадар кўп бўлмагани учун ижара пулини тўлашга қийналарди. Ўз уйида яшайдиган одамга кунларнинг ўтиши унчалик сезилмайди, аммо ижарада яшайдиган одамга ой жуда тез ўтади. Уй эгалари келиб, ижара пулини сўрашганида, баъзан онам беролмай қоларди. Ўша куни кечаси билан ухламай йиғлаб чиққанини ўз кўзим билан кўргандим. Ўшандаёқ “Онамга уй совға қиламан, ҳеч ким ижара пулини сўраб келмайди”, деб ният қилгандим, — дейди Нилуфар Сотиболдиева.
“Ижара уйни кўп алмаштирардик”
Нилуфар Сотиболдиева болаликдан тил ўрганишга ва журналистикага қизиққан. Кўпчилик тенгдошлари тилни репетиторга қатнаб ўрганишса, у мустақил ўрганишга мажбур эди. Чунки онасининг ойлиги рўзғор ва ижара пулидан ортмасди.
— Оддий мактабда ўқиганман, аммо ундаги энг аълочи ва лидер ўқувчи эдим. У ерда инглиз тилини чуқур ўргатишарди. Ижара уйни алмаштирганимиздан кейин мактабимни ўзгартиришимизга тўғри келган. Устозларим онамни чақириб, “Нилуфар мактабдан кетмасин, биз ҳам ёрдам берамиз”, деган. Аммо мен йўлкирага ҳам онам ҳаражат қилишини ўйлаб, “Бошқа мактабда ўқийман”, деганман. Аммо янги мактабга ўтгач, бу қароримдан афсусланганман. Чунки у ердаги таълим ва ўқувчиларнинг бир-бирига бўлган муносабати у қадар яхши эмасди. Лидерликка интилишим ҳам кўпчилик қизларга ёқмасди, — дейди Нилуфар Сотиболдиева.
“Ёқимсиз ишларни қилишга мажбур бўлганман”
Бошловчи 16 ёшидан бошлаб ишлашга ва ўзи учун ёқимсиз ишларни ҳам қилишга мажбур бўлганини кулиб эслайди.
— Мактабни битириб, техникумнинг “Мактабгача таълим” факультетига ўқишга кирганман. Ёзги таътилда онамнинг қийналаётганини кўриб, ҳеч бўлмаса уч ой ёрдам бўлар деб боғчага ишга кирганман. Мудира аёл инглиз тилини билишимни эшитиб қувонган, аммо мени тарбиячи сифатида ишга ололмаслигини айтган. “Ишлашим керак”, деб вазиятни тушунтирганимдан кейин тарбиячига ёрдамчи қилиб ишга олган. Синглим билан ёшимиз орасидаги фарқ у қадар катта эмас, болаларни тарбиялаш ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Аксига олиб, мени “ясли” гуруҳига ишга олишган. У ердаги болалар жуда кичик, ҳожат қилишни ҳам билмайдиганлари бор эди. 16 ёшли қиз учун тувакларни тўкиш қанчалик ёқимсиз бўлмасин, уларни қилишга мажбур эдим, — дейди Нилуфар Сотиболдиева.
“Боқувчимиз йўқлиги учун бепул кийим бериларди”
Бошловчи бугунги кунда хорижнинг қимматбаҳо бренд кийимларини харид қилишини яширмайди. Таассуфки, у болалигида кам таъминланган оила фарзандлари сифатида рўйҳатда турган ва давлат томонидан бериладиган кийимларни кийган.
— Бундан ҳеч қачон уялмайман. Боқувчимиз йўқлиги учун ҳар мавсумда бизга бепул кийим-кечак бериларди. Онам кийимга эмас, кўпроқ таълим олишимизга пул ажратарди. КИтоб-дафтардан пул аямасди.. 16 ёшимда олган илк маошимни онамга олиб борганимда “Сенга янги кийимлар сотиб оламиз”, деган. Ўшанда илк марта “Отчопар” бозорига бориб, янги кўйлаклар сотиб олганмиз, — дейди Нилуфар Сотиболдиева.
“Шартнома пулини тўламаганим учун…”
Бошловчи ўз кучи билан Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетига шартнома асосида ўқишга кирган. У қанчалик аълочи талаба бўлмасин, шартнома пулини тўламаганлиги учун деканатнинг “қора рўйхати”да турган.
— Шартнома пулини вақтида тўламаганим учун ўқишдан четлаштирмоқчи ҳам бўлишган. Баъзи ҳолларда тушуниб, пулни кечикиб тўлашимга руҳсат беришарди. Курсдошларим таржимон ёки педогог бўлишни орзу қилишса, мен фақат сухандон бўлиш ҳақида ўйлардим. Тўртинчи курсда Ўзбекистон телевидениесига иш сўраб борганман. Инглиз тили редакциясининг бош муҳаррири матн ёздириб кўрган, аммо тажрибасизлигим сабаб, ёзганларим унга ёқмаган. Айб ўзимда бўлса ҳам жаҳл билан эшигини ёпиб чиқиб кетганман, — дейди Нилуфар Сотиболдиева.
“Жамоада нечта футболчи бўлишини ҳам билмаганман”
Кўп вақт ўтмай Нилуфар Сотиболдиева “Спорт” каналида бошловчилар учун кастинг ўтказилаётгани ҳақида эшитиб қолади. У спортга қизиқмаса-да, кастингда иштирок этади.
— Хабарлар редакциясининг бош муҳаррири Сафармат Сафоев “Спортга қизиқасизми?” деб савол берган. Ошириб-тошириб қизиқишим ҳақида сўзлаб берганман. Ярим йил амалиёт ўтаганман, аммо ўз ўрнимни тополмаганман. “Мен ҳам сёмкаларга чиқай”, деб илтимос қилганимда Анвар Икромов мухбир йигитлардан бирига мени ҳам ўзи билан сёмкага олиб кетишини сўраган. “Сиз Жаҳон тилларида ўқийсиз-а? Бизга таржимон керак эди”, деб мени Ироқ жамоаси билан учрашувга олиб кетишган. Мураббий мени кўриб ажабланган. Чунки у йилларда футболда қизларни учратиш амри маҳол эди. “Футболга қизиқасизми?” деб сўраганда “Ҳа роса яхши кўраман”, деганман. У мени синаб кўриш учун “Футболда нечта ўйинчи бўлади”, деб савол берган. Ўйлаб ўтирмай 14 та деб жавоб берганман. Бирдан кулгу кўтарилган ва устимдан кулишган, — дейди Нилуфар Сотиболдиева.
“Бизни шарманда қилди, дейишган”
Мана шу воқеадан кейин “Спорт” канали ижодкорлари Нилуфар Сотиболдиевани хушламай қолишган. “У бизни шарманда қилди”, деб ҳисоблашган. Анвар Икромов “Сизга бир ой муддат, футболни ўрганинг”, дея вазифа берган. У Отабек Эшмаматовдан футбол тарихидан тортиб, клуб ва терма жамоанинг фарқли жиҳатлари ҳақида сўраб ўрганди.
— Ҳамиша “Мен эфирга чиқишим керак”, деган ўй тинчлик бермасди. Микрофон тутиб турган қўлим кўриниб қолса ҳам хурсанд бўлиб кетардим. Илк марта эфирга чиқишим у қадар муваффақиятли бўлмаган. Чунки Анвар Икромов эфирга чиқишимдан аввал “Нега ташқи кўринишингизга эътибор бермадингиз, бу нима кийим?” деб уришиб берган. Ўшанда йиғлаганимдан кўзларим шишиб кетганди. Аммо сёмкадан кейин хатойимни аста тушунтирган. Қора костюм ичидан қоп-қора кофта кийган эканман. Ҳақиқатан ҳам кадрдан бўғиқ кўринганман, — дейди Нилуфар Сотиболдиева.
Нилуфар Сотиболдиева энг бадавлат ўзбек бошловчиси...
Нилуфар Сотиболдиева бугунги кунда энг қиммат ўзбек бошловчилари ичида етакчилик қилади. Уни нафақат маҳаллий, балки хориждаги ўзбек миллионерлари ҳам тўйларига таклиф этишади. У шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни унчалик ёқтирмайди, фақатгина қизи билан тушган расмларини Instagram саҳифасига жойлайди. Нилуфар Сотиболдиева саёҳат қилишни ва шоппингни ёқтиради. Хуллас, болалиги қийинчиликда ўтган ва янги кийим сотиб олишга имконияти бўлмаган қизалоқ бугун энг бадавлат ижодкорлардан бирига айланган.
Изоҳ (0)