“Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ Транспорт вазирлиги бир ҳафта муддатда “Самарқанд” халқаро аэропортида жорий этилган “Очиқ осмон” режими доирасида хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишларга бўлган чекловларни олиб ташлайди ҳамда “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллайди, шунингдек, хорижий давлатларнинг авиация маъмуриятлари, чет эл авиаташувчиларини бу ҳақда белгиланган тартибда хабардор қилади.
2023 йил 1 майдан Uzbekistan Airports АЖ билан биргаликда Фарғона, Наманган ёки Андижондан Бухоро, Самарқанд, Термиз, Урганчга, шунингдек, Термиз—Нукус, Самарқанд—Урганч, Бухоро—Урганч, Фарғона—Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейслар йўлга қўйилади.
Шунингдек, Тошкентдан Нукус, Урганч, Бухоро, Қарши ва Самарқандга авиақатновлар йўлга қўйилиб, амалдагидан икки бараваргача арзон тарифларни жорий этилади. Янги ташкил этилган резидент авиакомпанияларга хорижий йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталарнинг ажратилиши таъминланади.
Бир ой муддатда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ушбу қарордан келиб чиқиб, халқаро шартномаларга янги ташкил этилган резидент авиакомпанияларга хорижий ва халқаро йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталар ажратиш бўйича ўзгартиришлар киритиш ҳамда парвозларни амалга оширишга рухсат бериш чоралари кўрилади.
2023 йил 1-октябрга қадар Урганч ва Бухоро аэропортларининг ҳар бири бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш бўйича алоҳида танловлар эълон қилади. 2023 йил якунига қадар эса Наманган аэропортини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилинади ҳамда бошқарувга бериш бўйича лойиҳа концепцияси ва техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади.
Март охирларида президент иштирокида ўтказилган йиғилишда фуқаролик авиацияси раҳбарларига йил якунига қадар 20 та қўшимча замонавий самолётларни олиб келиб, миллий авиация паркини 64 тага етказиш вазифаси қўйилганди. Шунингдек, вилоятлараро янги авиақатновлар учун чипта харажатларининг 25 фоизига субсидия берилиши маълум бўлган эди.
10 апрелдан эса хавфсизлик чораларини кўриб, “Қамчиқ” довони орқали туристик микроавтобус (15 кишигача), Жиззах довони, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат берилган.
Изоҳ (0)