Миср ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри Туркияни Суриядан қўшинларини олиб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Аl Arabia хабар берди.
Шукри яқинда алоқаларни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, кескинлик давом этаётганини айтди. Сиёсатчи икки ой ичида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан учинчи марта учрашиш учун Анқарага ташриф буюрди.
Шукри Қоҳиранинг 2013 йилда Туркия билан Миср президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин бузилган муносабатларни яхшилашни давом эттириш истагини билдирди. Шунингдек, Сурия масаласида мурожаат қилди.
“Мен Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги сақланиши кераклигини айтдим. Хорижий кучлар Сурия ҳудудидан олиб чиқилиши кераклигини билдирдим”, — деди Шукри.
Туркиянинг Сурия шимоли-ғарбида ҳарбийлари мавжудлиги унинг Сурия президенти Башар ал-Асад билан тинчлик ўрнатиш саммитини ташкил этиш ҳаракатларини мураккаблаштирмоқда.
Асад Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокаралар ўтказишда Туркия ўз қўшинларини олиб чиқиши кераклигини шарт қилиб қўйган.
Чавушўғли Туркиянинг “терроризмга” қарши кураш учун Сурияда ҳарбий база бўлиши зарурлиги ҳақидаги узоқ йиллик позициясини яна бир бор тасдиқлади.
“Суриядан бизга таҳдид қилинмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак”, — деди у.
Изоҳ (0)