Россия, Хитой, Эрон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари “Толибон” ҳаракатидан инклюзив ҳукумат тузишни ва афғон аёлларига нисбатан чеклов чораларини тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда “Дарё”нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.
13 апрель Самарқандда бўлиб ўтган норасмий тўрт томонлама учрашув якунида мазкур давлатлар қўшма баёнот билан чиқди. Унда давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари Афғонистондаги хавфсизлик юзасидан чуқур хавотир билдирган.
Россия, Хитой, Эрон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотида барча террорчи гуруҳлар, жумладан ИШИД дунё ва минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида баҳоланган. Мазкур давлатлар “Толибон”дан терроризмга қарши курашиш ва террорчи гуруҳларни йўқ қилиш учун амалий чоралар кўришни сўраган.
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиённинг айтишича, Афғонистоннинг қўшнилари, хусусан, Эрон Афғонистон келажаги ҳақида кўпроқ хавотирда.
“Биз Афғонистонда терроризм ва экстремизм тарқалишидан хавотирдамиз”, — деган у ва Американинг Афғонистондаги сиёсатини танқид қилар экан, Афғонистон Ғарб ва Америка аралашувидан кўра ҳамкорлик ва “минтақавий ечимлар”га муҳтож эканини билдирди.
Юқорида келтириб ўтилган тўрт давлатнинг юқори мартабали дипломатлари ҳамон АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан Афғонистондаги кескин вазиятга жавоб беришни талаб қилмоқда.
Бу Россия, Хитой, Эрон ва Покистон ўртасида Афғонистон масаласига бағишланган иккинчи тўрт томонлама учрашув ҳисобланади.
Изоҳ (0)