Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путиннинг нима учун Telegram’да расмий канали йўқлигини тушунтирди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Маълум қилинишича, Путин ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайди, унинг Telegram канали ҳам йўқ. Чунки Россия раҳбарининг ҳаракати “бутун дунёни қамраб олади”.
“Сиз ва мендан фарқли ўлароқ, унинг ҳар бир ҳаракати бутун дунё томонидан қайд этилади. У йўлакда туриб пичирлаб гапирса ҳам, ҳамма уни тинглайди”, — деди Дмитрий Песков.
Шунингдек, у “Путин учун Telegram каналнинг нима кераги бор?” дея қўшимча қилди.
Аввалроқ Песков нима учун Путиннинг ижтимоий тармоқларда аккаунтлари йўқлигини тушунтирганди. Унинг сўзларига кўра, президентнинг аккакунт юритишга вақти йўқ ва Путин унинг ўрнига бошқа биров аккаунтини юритишини истамайди.
Россия президентининг ўзи замонавий интернет-платформалар инсон онгини назорат қилиб, ўзи учун зарур бўлган нарсани онгга “ташлашини” айтганди. Путин шу тариқа одам бошқарилаётганини билмай қарор қабул қилишини қўшимча қилган.
Изоҳ (0)