Сирдарё вилояти Сардоба туманида ўтказилган рейд тадбирида, “Сардоба” сув омборида ноқонуний равишда балиқ овлаган икки фуқаро аниқланди, деб хабар беради Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, улар 30 март куни тунги соат 23:00 дан 31 март куни 03:00 га қадар тақиқланган балиқ тутиш қуроллари ёрдамида уч турдаги 242 дона балиқ овланган.
Ҳуқуқбузарлардан 1 дона резина қайиқ, 1 дона аккумулятор, 1 дона электр қармоқ ҳамда 1 жуфт эшкак далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарларга нисбатан ҳайвонот дунёсига етказилган 196 миллион 380 минг сўм зарар миқдори белгиланган.
1 апрель куни ўтказилган рейд давомида эса “Сардоба” сув омборида тўрт нафар фуқаро тақиқланган балиқ тутиш қуроллари ёрдамида жами 6 турдаги 288 дона балиқларни ноқонуний овлагани аниқланган. Ҳуқуқбузарлардан 2 дона алюмин қайиқ, 2 дона бензинли двигатель ва 500 метр лескали тўрлар далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилган. Ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатан ҳайвонот дунёсига етказилган 83 миллион 670 минг сўм зарар миқдори белгиланган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш мақсадида прокуратура органига тақдим этиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Изоҳ (0)