Кремль Россиянинг Украинага босқинида муҳим рол ўйнаётган Евгений Пригожиннинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига муқобил бўла оладиган хусусий ҳарбий компанияларни кучайтиришга интилмоқда. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлиги разведка маълумотларига асосланган кундалик шарҳида ёзади.
![](/static/2023/surayyo2/original-1gwo.jpg)
Бундай ҳаракатлар Россия Мудофаа вазирлиги ва “Вагнер” ўртасидаги очиқ қарама-қаршилик фонида амалга оширилмоқда. Шарҳ муаллифлари таъкидлаганидек, Россия ҳарбий раҳбарияти “вагнерчилар”ни ёлланма аскарлар билан алмаштирмоқчи, шунда уларнинг устидан назорат кўпроқ бўлади.
Бироқ, ҳозирги вақтда Россия таниқли хусусий-ҳарбий компанияларининг ҳеч бир аскарлари сони ва жанговар кучи бўйича “Вагнер” билан тенглаша олмайди, дейилади шарҳда.
Британия разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳукумати уруш зонасида хусусий ҳарбий компаниялардан фойдаланишни самарали деб ҳисоблайди. Чунки Россия раҳбарияти жамият ёлланма аскарлар орасидаги оғир йўқотишларни ҳарбийлар орасидаги йўқотишларга қараганда яхшироқ қабул қилади, деган фикрда.
“Вагнер” ёлланма аскарлари 2022 йил апрель ойида Украинада жанг қилишни бошлаган, улар расмий равишда Россия Мудофаа вазирлигига ҳисобот бермайди. Ёзда “вагнерчилар” сафига фаол равишда маҳбуслар жалб қилинаётгани маълум бўлди.
Урушнинг ҳозирги босқичида “Вагнер” фронтнинг энг қайноқ нуқтаси ҳисобланган Бахмут учун жангларда қатнашмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботларида ёлланма аскарларни “кўнгиллиларнинг штрумчи отрядлари” деб атайди.
Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини очиқчасига танқид қилиб, “Вагнер” жангчиларига Бахмут яқинидаги ҳужум учун зарур бўлган снарядлар етказиб берилмаётганини айтган.