Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2023 йил март ойида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Маълум қилинишича, халқаро ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий асосини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилган. Хусусан, 1 та янги халқаро битим имзоланган ҳамда 3 та халқаро шартнома кучга кириши учун зарур давлат ички проседуралари бажарилган.
Иқтисодий дипломатия Ташқи ишлар вазирлиги ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятининг устувор йўналишларидан бири саналади. Жумладан, хорижий мамлакатларда ўтказилган 14 та халқаро кўргазма ва ярмаркаларда 100 дан ортиқ Ўзбекистон корхоналари иштироки таъминланди.
Берлин, Будапешт, Гамбург шаҳарларида бизнес-форумлар ташкиллаштирилди. Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестисиялари банки делегасияларининг Ўзбекистонга ташрифлари ишлаб чиқилди.
Хориждаги ваколатхоналар томонидан 46 та давлатга умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотлар экспортини амалга оширишга ёрдам берилди. Мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестисияларни жалб қилиш бўйича чет эллик ҳамкорлар билан 90 та учрашув ўтказилди.
Консуллик-ҳуқуқий фаолият доирасида:
- 18 125 нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилди;
- 391 нафар ҳамюртимизни чет элда иш билан таъминлашга кўмаклашилди;
- чет элда моддий жиҳатдан мураккаб вазиятда қолган 128 нафар фуқарога қарийб 23 850 доллар миқдорида ёрдам кўрсатилди;
- чет давлатларда қийин вазиятларда қолган, масалан, одам савдоси қурбони бўлган, ёки ишсиз, боқувчисиз қолганлар ва бошқа мураккаб аҳволдаги 32 нафар фуқаро ватанига қайтарилди.
Бундан ташқари, 33 нафар фуқаро вақтинча сақлаш муассасаларидан олиб чиқилди. Паспорти иш берувчилар томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган 21 фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжати қайтариб олиб берилди.