Фарғонада жамоат тартибини бузиб, ИИБ ходимларини ҳақорат қилган маст фуқаро 15 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
18 январь куни фуқаро И.Р. Фарғона шаҳар Ислом Каримов номли кичик ҳалқа йўлида, йўлнинг қатнов қисмида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда ҳаракатланиб кетаётган бўлган. ЙПХ инспекторлари фуқаронинг хавфсизлигини ўйлаган ҳолда, бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаракатига халақит бермаслигини талаб қилган.
Аммо фуқаро ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини бузиб, уятли сўзлар билан сўкиниб, бақир-чақир қилиб, фуқаролар тинчлигини бузган.
У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик) ва 194-моддаларида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда БҲМнинг 5 баравари (1,5 миллион сўм) миқдоридаги жарима жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)