Ўзбекистонда сўнгги бир ҳафта ичида мандариннинг ўртача улгуржи нархлари 37 фоизга арзонлашди. Бу ҳақда EastFruit хабар бермоқда.
Бироқ шундай кескин пасайишга қарамай жорий улгуржи нархлар ўтган йилги даражадан 31 фоизлигича юқорилигича қолмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бунга асосий сабаб Ўзбекистонга мандариннинг асосий экспортёри — Покистондан ушбу маҳсулот етказиб берилишининг қисқариши.
2022 йил 11 ноябрдан 18 ноябрга қадар Ўзбекистонда мандариннинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 27 мингдан 17 минг сўмгача пасайган. Нархларнинг кескин пасайишига қарамай, жорий нархлар ўтган йилнинг шу санасида қайд этилган ўртача улгуржи нархдан анча юқори.
Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2021 йилнинг 18 ноябрь ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 13 минг сўмни ташкил қилган.
Мандарин нархининг ўтган йилги даражага нисбатан қимматлигига асосий сабаб Покистондаги сув тошқинлари оқибатида ҳосилнинг бир қисми бой берилиши туфайли ушбу мамлакатдан мандарин етказиб бериш ҳажмининг қисқарганидир.
Бу мамлакат Ўзбекистонга мандариннинг асосий етказиб берувчиси бўлиб, 2020—2021 йилларда Покистоннинг ушбу маҳсулот импорти умумий ҳажмидаги улуши 79-82 фоизни ташкил этган.
Муссон ёмғирлари сув тошқини билан кечиши Жанубий Осиё мамлакатлари учун одатий табиий ҳодисадир, бироқ бу йил табиат инжиқлиги ҳалокатли даражага етиб, Покистоннинг барча ҳудудларини қамраб олди.
2022 йилнинг ўзига хос хусусияти Покистонда июнь ойи ўрталаридан бошлаб ёға бошлаган кучли ёғингарчилик эди.
Мамлакат ғарби ва жанубидаги вилоятлар энг кўп зарар кўрди, сўнгги 30 йилдаги ўртача ёғингарчиликдан қарийб 400 фоиз кўпроқ ёғингарчилик бўлди.
Тошқинлар Покистон иқтисодиётига катта зарар етказди, мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳам жиддий зиён кўрди, маҳаллий фермерлар кўплаб турдаги экинлар ҳосили бой берилиши оқибатида катта йўқотишларга юз тутди.
Изоҳ (0)